Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, бош прокурор ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида жойлашган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш масалалари ўрганилди.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ Маданий мерос агентлиги мутахассислари билан биргаликда Бухоро шаҳридаги Хўжа калон масжиди, Хусайни ва Нодир девонбеги мадрасалари ҳамда Арк мажмуаси деворларини реставрация ва таъмирлаш ишлари билан танишган.
Текширув давомида ҳужжатларга сохта ёзувлар киритиш орқали амалга оширилган реставрация ва таъмирлаш ишлари ҳақиқий эмаслиги, фирибгарлар маблағларни ўзлаштиргани маълум бўлди.
Қуйидаги миқдорда моддий зарар етказилган:
Хўжа Калон минорасига 731 млн сўм;
Хусайни мадрасасига 216 млн сўм;
Нодир Девонбеги мадрасаси 90 млн сўм.
Бухоро шаҳри тарихий маркази ҳудудида жойлашган 74 та объектга манзил кўрсатгич белгилари ўрнатиш учун ажратилган 50 млн сўм бюджет маблағи ҳам талон-торож қилинган.
Шунингдек, Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари томонидан 2,3 млрд сўм бюджет маблағи товар-моддий бойликлар сотиб олиш учун сарфлангани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, амалда маблағлар ўзлаштириб юборилган.
Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди, дейилади хабарда.