2 май куни Тошкент инвестиция форумида келажакда икки миллиондан ортиқ аҳоли учун замонавий ва қулай муҳитга айланиши мумкин бўлган «Янги Тошкент» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар берди «Взгляд.uz» мухбири Сергей Генералов.
Нашр вакили «Янги Тошкент» дирекцияси директорининг биринчи ўринбосари Баҳром Ризаев билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳани якунлаш 2045-2050 йилларга мўлжалланган.
«Бизнинг лойиҳамиз узоқ муддатга мўлжалланган. Барча босқичларни якунлаш 2045-2050 йилларга мўлжалланган. Янги Тошкент 7 босқичда амалга ошади. Биз ҳозир биринчи босқични бошлаяпмиз, у аллақачон амалга оширилмоқда ва биз уни 6-10 йил ичида якунлашни режалаштирмоқдамиз. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, қолган босқичларни режалаштирамиз», — деди Ризаев.
Биринчи ўринбосар 2024-2026 йилларда 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кутилаётганини алоҳида таъкидлади.
«2024-2026 йилларда 20 дан ортиқ лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз, уларни ҳозирдан бошлаб, жумладан, турли вазирликларнинг маъмурий бинолари, шунингдек, бу ерда маданий-маърифий, ижтимоий объектларни жойлаштиришни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, куни кеча биз Э-Аукцион тизими орқали маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун сотаётган дастлабки иккита лотни сотувга қўйдик», — деди Ризаев.
«Взгляд.uz» мухбири «Янги Тошкент» янги шаҳар бўладими ёки бутунлай пойтахтнинг бир қисми бўладими, деган савол билан ҳам қизиқди. Ризаев бунга жавобан, бугунги кунда «Янги Тошкент» Тошкентнинг янги тумани сифатида амалга оширилаётгани, бироқ узоқ муддатга унинг тақдири номаълумлигини айтди.
Қуйида инвестиция форуми иштирокчиларига тақдим этилган слайдлар келтирилган. Уларда бинолар, иншоотлар, қирғоқ, шунингдек, Миллий опера, кутубхона, орол ва бошқаларнинг эскизлари тасвирланган: