Бир ёшли қизча иссиқлик таъминоти корхонаси ишчилари дарахтнинг илдизини қазиши оқибатида ҳалок бўлган — Бош прокуратура

O‘zbekiston

Бир ёшли боланинг дарахтдан қулаб ўлими бўйича жиноий иш қўзғатилди. Иссиқлик таъминоти корхонаси ишчилари қазиш ишларини олиб боришда хавфсизлик чораларига риоя қилмай, дарахт тагини қазиб олган, деб хабар қилди Бош прокуратура.

Тошкентда бир ёшли қизнинг дарахт қулаб ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни тахминан соат 11:50 ларда Чилонзор тумани 5-кварталида 55 ёшли энага қизни аравачада олиб кетаётган вақтида дарахт унинг устига қулаган эди. Бола воқеа жойида вафот этган.

«Сув қувурларини таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боришлари оқибатида бир туп дараҳтнинг илдизи очилганлиги ва ўз вазнини кўтара олмай йиқилганлиги аниқланган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Kun.uz хабарига кўра, «Veolia Energy Tashkent» иссиқлик таъминоти корхонаси ходимлари сув сизиб чиқиши сабабли қувурларни таъмирлаш бўйича сўров олган, бироқ иш пайтида ҳудудни тўсиб қўймаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Mavzuga oid materiallar