Ўзбекистонда олий ўқув юртларида бюджет ўринлари янги тизим бўйича ишлайди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги олий таълим тизимига бағишланган тақдимотда маълум қилинди.
Янги тартибга кўра, маълум бир йўналиш бўйича юқори балл тўплаган абитуриент танлаган олий ўқув юртидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни юқори балл тўплаган ёшлар албатта ўқиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, энди давлат гранти бир талабага 4 йил давомида берилмайди, балки ҳар йили юқори натижаларга эришган талабалар ўртасида қайта тақсимланади.
Давлат раҳбари ушбу тизимни адолатли ташкил этиш, ёшлар ва ота-оналарни хабардор қилиш зарурлигини таъкидлади.