Транспорт ва туризм объектларида хавфсизлик департаменти маълумотларига кўра, 16 апрель куни Дубай шаҳрида Uzbekistаn Airways авиакомпаниясининг HY-334-рақамли рейси Тошкентга учишга ҳозирлик кўраётган эди. Самолёт эшиклари ёпилган ва рампа олиб ташланган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз кечиктирилган. Бу вақтда йўловчилардан бири, 1979 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси жанжал бошлаб, муштлашувга айланган. У баланд овозда бақириб, самолёт эшикларини очишни талаб қилди. Самолёт экипажи ғазабланган аёл билан мунозара қилишга уриниб кўрди. Яна бир аёл ҳам уни тинчлантиришга уринган, бироқ бу уларнинг ўртасида муштлашувга сабаб бўлган.
Дубай аэропорти полицияси иккала аёл йўловчини ҳам рейсдан чиқариб юборди, бу эса охир-оқибат рейс 2 соатга кечиктирилишига олиб келди, натижада бошқа рейслар жадвали мажбурий ўзгартирилди ва авиаташувчи учун 5037 доллар миқдорида қўшимча харажатлар келиб чиқди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизлик бошқармаси томонидан йўловчиларга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланди, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, судга юборилди.