Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин мамлакатга ишлаш учун келаётган фуқаролар рус тилини билиши, анъаналарни ҳурмат қилиши шарт, деди.
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров бунга жавобан ўзбек тилини билмайдиган фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини чеклашни таклиф қилди.
«Сўзсиз, Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт, лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларни ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас», — дейди Алишер Қодиров.
Унга кўра, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат фуқаролари ўзбек тилини билиши шарт.
«Ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак. Ўзбек тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришишимиз керак», — деб ёзади Қодиров.