Агар Ўзбекистон халқаро аэропортларидан бирига етиб келишда йўловчининг юки топилмаса, у шикастланган ёки ичидаги буюмлар йўқолган бўлса, биринчи навбатда йўловчи Lost and Found (йўқолган юклар) хизмати пештахтасига мурожаат қилиши ва авиачипта ёки бортга чиқиш талонини, багаж ёрлиқларини, ортиқча юк (агар мавжуд бўлса) учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи квитанцияларни тақдим қилиши лозим.
Мазкур хизмат ходимлари сизнинг юкингиз келган-келмаганлигини аниқлаш учун багаж ёрлиғидан фойдаланадилар. Агар у жўнаш аэропортида қолган ёки бошқа рейс орқали жўнаб кетган бўлса, йўловчи намунага кўра йўқотиш тўғрисида ариза ёзиши, керакли маълумотларни тақдим этиши ва юкнинг бошқа рейс орқали етиб келишини кутиши керак.
Агар тизим багаж белгиланган аэропортга етиб келганини кўрсатса, у ҳолда ходимлар багаж қабул қилиш камаридан бошқа йўловчи томонидан олиб кетилганини истисно қилиш учун видеокузатув камераси тасвирларини кўриб чиқади. Агар багаж қайтариб бўлмайдиган тарзда йўқолган бўлса, йўловчи молиявий компенсация олиш учун ариза ёзиши керак.
Авиачипта сотиб олаётганда йўловчи авиакомпания билан шартнома тузади. Шу тариқа йўловчи багажи (йўқолиши, етишмовчилиги ёки шикастланиши) учун аэропорт эмас, авиакомпания жавобгар бўлади — Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 114-моддаси. Шу сабабли, учиб келишда ёзилган барча ҳужжатлар авиакомпанияга юборилади.
«Кейинчалик авиакомпания юкнинг шикастланиши ёки йўқолиши қайси босқичда содир бўлганлигини аниқлайди ва шунга кўра, лозим ҳолларда зарар етказган аэропортга ҳисоб-китоб ҳужжатларини жўнатади. Йўловчи билан боғлиқ вазият авиакомпания қоидаларига мувофиқ ҳал қилинади (авиакомпания веб-сайтида ёки тўғридан-тўғри унинг вакили орқали танишиш мумкин): пул компенсацияси, янги чамадон ёки уни таъмирлаш», — дея қўшимча қилди Uzbekistan Airports.