13-14 май кунлари Кувайтда ўтказилган Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган кўргазма доирасида Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров ва Gulf General Trading компанияси раҳбари Ияд Солиҳ ўртасида учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашув жорий йил 3 май куни Тошкентда ўтказилган бизнес музокараларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Кувайтдаги музокаралар чоғида Сергели туманига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни олиб келиш, шунингдек, фармацевтика бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда Sergeli Mall савдо мажмуаси лойиҳаси амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Инвестор Ияд Солиҳ тиббиёт, логистика ва инфратузилма соҳаларига сармоя киритишга қизиқиш билдирди. Хусусан, Ияд Солиҳ томонидан Сергели туманида жойлашган давлат тиббиёт муассасаларини замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозлаш, дунёдаги сўнгги технологиялар асосида касалликни эрта аниқлаш ва ташхис қўйиш технологияларини олиб кириш бўйича режаларини маълум қилди.
Музокаралар натижасида Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокимлиги ва Gulf General Trading компанияси ўртасида замонавий тиббий лаборатория ташкил этиш ва реагентлар ишлаб чиқарувчи завод лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.