Олий Мажлис Сенати ўқотар бўлмаган қуролларни ихтиёрий равишда топшириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ялпи мажлисда таъкидланганидек, ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди.
Биргина 2023 йилда ички ишлар органлари ходимлари томонидан 1072 дона ноқонуний (ички ишлар органлари рўйхатига қўйилмаган) қуроллар аниқланиб, 839 нафар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддаси асосида жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, 2023 йилда тегишли рухсатномаларсиз сақлаётган пневматик қуролини ихтиёрий топшириш бўйича ички ишлар органларига 1599 нафар фуқаро мурожаат этган, дейилади хабарда.
Амалдаги қонунчиликка кўра фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни олиб келиб топширса ҳам ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
Жиноят кодексининг 248-моддасида жамоат хавфсизилиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Юқоридаги муаммоларни инобатга олган ҳолда ҳамда қайд этилган ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчиликда пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли каби ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи нормани мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220-1-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.