Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилди, деб хабар берди Zakon.kz.
«Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади», — дейилади Оқўрда хабарида.
Аввалроқ, 25 апрель куни Сенат депутатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, тегишли келишув икки давлат раҳбарлари томонидан 2022 йил 22 декабрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар, фуқаролик мудофааси ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, халқаро майдонда алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.
Битим шартларига кўра, томонлар икки мамлакат парламентлари, сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шунингдек, ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида терроризм, диний экстремизм ва сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноят, ноқонуний миграция, одам савдоси, ноқонуний савдо, жумладан, янги чақириқлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш мақсадида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.