Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги гуманитар ёрдам жўнатди. Сув тошқинидан жабр кўрган аҳолига ёрдам тарқатилади, деб хабар қилди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.
Балх вилоятига гуманитар ёрдам юкланган юк машиналари етказилди. Унга 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1 000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари киритилган.
Юкларни президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабовлар топширди.