Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмаларини жойлаштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорни имзолади. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат буюртмаси параметрларини ОТМлар ўртасида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниши ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Энди у бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тасдиқланади.
Бундан ташқари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб грант ажратиш тизими ўзгармоқда:
қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз бўйича ва мақсадли қабул доирасида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва ихтисослаштирилган грантлар, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари эгаларига ижтимоий рағбатлантириш гранти ажратилади;
олий таълим ташкилотига давлат буюртмаси параметрлари доирасида ўқишга қабул қилинган талабаларга таълим гранти ажратилади;
таълим гранти 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади;
олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган биринчи курс талабаларига таълим гранти ажратилади;
иккинчи ва ундан кейинги йиллардаги таълим гранти олий таълим ташкилоти томонидан юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаоллик кўрсатган талабалар ўртасида табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;
таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютиб олган талабаларга тўланади;
давлат гранти ижтимоий рағбатлантириш гранти соҳиби бўлган талабаларга ўқиш даврида тўлиқ ҳажмда берилади;
Таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида уч йил ишлаш мажбурияти бекор қилинади.