Қирғизистонда Ўзбекистонга олиб ўтиш учун мўлжалланган йирик партиядаги гиёҳвандлик воситалари қўлга олинди, деб хабар қилди Қирғизистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати.
Қирғизистон Республикаси ИИВ Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати ходимлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари билан биргаликда жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиб, 16 килограммдан ортиқ наркотик моддаларни мусодара қилди.
Аниқланишича, маълум бир фуқаро Қирғизистондан Ўзбекистонга наркотик моддаларни ўта катта миқдорда олиб ўтиш учун барқарор канал ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 282-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноий гуруҳни фош этиш бўйича махсус операция 2024 йил қишидан бери давом этиб, ГМНАҚК тезкор ходимларининг машаққатли меҳнати эвазига муваффақиятли якунланди. Гиёҳванд моддалар савдосининг яна бир канали йўқ қилинди.
Тадбир натижасида муқаддам судланган, Тўқтағул туманида 1978 йилда туғилган, жиноий ҳамжамиятда «Жапайы» (ёввойи) лақаби билан танилган, уюшган жиноий гиёҳвандлик гуруҳи аъзоси сифатида Ички ишлар вазирлигида рўйхатга олинган фуқаро Ж.А. қўлга олинган.
Операция давомида 16 минг 107 килограмм гашиш мусодара қилинди. Жиноят иши юзасидан тергов давом этмоқда