Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги сувга 10 минг дона пластик ўрдакча туширилиши ҳақида хабар тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бундай ҳолатларни кескин қоралади. Вазирлик бундай ҳаракатлар қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини тавсия қилди.
Ҳолат юзасидан вазирлик томонидан воқеа жойига чиқилиб, мутасаддилар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундай хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳисобланиши ҳамда жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.
Вазирлик истироҳат боғлари, дам олиш масканлари мутасаддиларини экологияга зарар келтирадиган хатти-ҳаракатларни амалга оширмасликка чақиради. Шунингдек, блогерлар, вайнерлар, ижтимоий тармоқлар фаолларидан табиатни асраб-авайлашга қаратилган ғояларни тарғиб қилишни, бу мавзуларда ижтимоий роликлар тайёрлашни сўрайди. Вазирлик бу борада уларга кўмак беришга тайёр.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар» дея белгилаб қўйилган.
Маълумот ўрнида, атроф-муҳитга зарар етказиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91прим 1-моддаси, 95, 161-моддаларига кўра қатъий жавобгарликка сабаб бўлади.