Бухоро вилоятида йирик энергетика ва транспорт мажмуалари қурилиши бошланди. Қайд этилишича, ҳудудда газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу мажмуалар қурилишини бошлаб берди.
Улардан бири «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида қуриладиган газ-кимё мажмуасидир. У «метҳанол то олефинс» (МТО) технологияси асосида ишлайдиган юртимиздаги биринчи завод бўлади.
Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари келтириб ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, юртимиз ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.
Янги заводда 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси томонидан қуввати 250 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси қурилади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Олот туманидан 648 гектар ер майдони ажратилган. Станция 2025 йил декабрь ойида ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг «ACWA Power», Хитойнинг «Gezhouba» компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари барпо этилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилади.
Шу билан бирга, Бухоро вилоятида хусусий шериклик асосида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилган. Ушбу 226 миллион долларлик лойиҳа доирасида аэропорт инфратузилмаси жаҳон андозалари даражасида яратилади. Соатига 1200 йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади. Йўловчилар ва ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.