Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, электр энергияси ва газ истеъмоли камайишига энергия тарифларининг ошиши сабаб бўлган.
Абонентлар сонининг (жисмоний шахслар — 160 мингга, юридик шахслар — 8 мингга) ошганига қарамай, май ойида тизимнинг 29 кунлик ишлаши шуни кўрсатдики, электр энергияси истеъмоли ўтган йилга нисбатан 324 млн кВт/соатга, табиий газ 125 млн куб/метрга камайган.
«Бунга янги тарифлар, янги авлод қувватларини жорий этиш, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан қуёш батареялари ўрнатиш, қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига эришилди», — деди вазир.
Қайд этилишича, электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 2 млрд кВт/соатдан кўпроққа ошган. Муқобил энергия манбалари салмоқли улушга тўғри келди, улар томонидан ҳозирга қадар 970 млн киловатт/соатдан ортиқ ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 700 миллион киловатт/соатга кўпдир.
«Бу иқтисодиёт тармоқлари ҳам, аҳоли ҳам ресурслар билан тўлиқ таъминланганига қарамай, электр энергияси импортини қисқартириш ва унинг экспортини янада таъминлаш имконини берди», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Ҳудудлар ва тармоқлар бўйича табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишни янада қисқартириш бўйича тизимли ишларни давом эттириш мутасаддиларга топширилди.