Мисрда савдо уйи ва Ўзбекистон товарларини тарқатиш маркази очилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
2 июнь куни Савдо-саноат палатаси (ССП) делегацияси Мисрнинг Al-Nasr Export-Import компанияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Мазкур келишув икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Эришилган келишувларга кўра, Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этиладиган бир ёки бир нечта савдо уйларини очиш режалаштирилган. Савдо-саноат палатаси Миср томони билан товар ва хизматлар бозори ҳолати, шунингдек, ҳар икки мамлакат компаниялари фаолияти учун зарур бўлган бошқа муҳим маълумотлар ҳақида маълумот алмашади.
Бундан ташқари, тарқатиш ва ишлаб чиқариш кооперацияси марказларини очиш режалаштирилган, улардан бири Порт Саидда жойлашган. Мазкур марказлар орқали Ўзбекистондан Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига маҳсулотлар экспорт қилиш режалаштирилган.
Савдо-саноат палатаси делегацияси яқин орада Мисрга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Ташрифнинг асосий мақсадларидан бири Порт Саид эркин иқтисодий зонасида ўзбек компаниялари учун платформа билан танишиш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Миср Сенати делегациясини қабул қилганди. Учрашувда Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.