Бизнес-омбудсман 10 та халқаро ташкилот билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди

O‘zbekiston

Бизнес-омбудсман тадбиркорларни ҳимоя қилишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида маълумот берди. Бошқарма томонидан ҳудудларда ишбилармон аёлларнинг фаоллигини кучайтириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш орқали уларнинг доимий даромад олишини таъминлаш режалаштирилган.

Фото: Ситуатив

Жорий йилда Озарбайжон, Қирғизистон, Полша, Германия ва Финляндия давлатларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Хусусан, 28-29 май кунлари Бизнес-омбудсман томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларида «Ижтимой тадбиркорлик иқтисодий ривожланиш ва гендер тенглигини таъминлаш омили сифатида» мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Тадбир аёлларнинг ҳуқуқий билимини янада кенгайтириш, улар орасида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ишбилармонларни бошпана ва инқироз марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Давра суҳбатида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба, бизнес бошлаш учун хотин-қизларимизга мамлакатимизда берилаётган имтиёзлар, молиявий мустақилликнинг зўравонликдан ҳимояланишнинг кафолати сифатидаги ўрни ва бошқа бир қатор мавзулар муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатда тадбиркор аёллар учун белгиланган имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиби, Осиё тараққиёт банки томонидан кичик ва ўрта бизнесни ҳамда тадбиркор аёлларнинг молиявий инклюзивлигини таъминлаш механизмлари, шунингдек, аёл тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес-омбудсман ваколатлари тўғрисида бир қатор маълумотлар бериб ўтилди.

Давра суҳбатини ёритиш учун 10 га яқин марказий ва ҳудудий ОАВ жалб этилди. Қолаверса, йил якунига қадар халқаро ташкилотлар билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Озарбайжон, Қирғизистон, Полша, Германия ва Финляндия давлатларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ҳудудларда тадбиркор хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали доимий даромад билан таъминлаш, Бизнес-омбудсман девони моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Mavzuga oid materiallar