12 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган ПЛАС Digital Uzbekistan форумида Марказий банк раиси ўринбосари Содир Мелибоев регуляторнинг катта маълумотлар билан ишлаш ва сунъий интеллектни жорий этишга ўтиши ҳақида гапирди, деб хабар беради Spot.
Мелибоевнинг сўзларига кўра, МБ ҳозирда сунъий интеллектни жорий этиш масаласини кўриб чиқа бошлаган. У тез орада машинани ўрганиш ва сунъий интеллектни қўллаш бўйича янгиликлар эълон қилинишига ваъда берди. Марказий банк раиси ўринбосари регуляторнинг айрим бўлинмалари таҳлилий материалларни тайёрлаш учун аллақачон Business Intelligence воситаларидан фойдаланаётганини таъкидлади.
«Биз аста-секин Excelʼда ҳисоботларни яратишдан катта маълумотлар билан ишлаш, таҳлил қилиш ва прогноз қилишга ўтмоқдамиз», — дейди Мелибоев.
Шунингдек, у Марказий банк очиқ банк ва АПИ учун техник талаблар ва вазифаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлаганини маълум қилди. Бу янги иловалар ва молиявий технологияларни жорий этиш учун шароит яратади.