Ўзбекистон Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси 11 та банкни жаримага тортди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
2024 йил май ойида қўмита 7 та йиғилиш ўтказди ва унда 47 та масала кўриб чиқилди.
Payment Aggregation Systems ва Юрт Пай компанияларининг тўлов ташкилоти лицензиялари бекор қилинди. Таъсисчилар ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилди, дейилади баёнотда.
Регуляторнинг қайд этишича, 11 та банк қонун ва қоидаларга риоя қилмагани учун жаримага тортилган. Аниқланган қоидабузарликлар учун битта микромолия ташкилотининг лицензияси уч ой муддатга тўхтатилган.
Бундан ташқари, 3 та банк банк кафолатлари тўғрисидаги маълумотларни кредит ахбороти реестрига жўнатиш бўйича талабларга риоя қилмаганликлари, шунингдек, очиқ валюта позициялари бўйича лимитларга риоя қилмагани учун чора-тадбирлар ва жазо чоралари тўғрисида огоҳлантирилди.