Режиссёр Шон Бейкернинг «Анора» фильми Канн кинофестивалида «Олтин пальма япроғи»ни қўлга киритгани ҳақида аввалроқ ёзгандик. Фильм рус олигархининг ёш ўғли билан танишган Анора исмли ўзбек секс-хизматчиси ҳақида ҳикоя қилади. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош қаҳрамоннинг миллатини танлаш борасида ўз нуқтаи назарини билдирди.
«Фильм Ўзбекистонни билган ва унга хайриҳоҳ бўлган инсонларни таажжубга солган», деб ёзади агентлик. «Чунки фильмда раққоса ва фоҳиша ролини ижро этган осиёликларга ўхшаш қиёфадаги қизнинг ўзбек қизи сифатида талқин қилиниши бу қандайдир маънода ўзбекларга ва ўзбекистонликларга рус тилида айтганда Медвежя услуга қилишга ўхшайди».
Кинематография агентлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг бунёдкорлик ютуқлари, жадал ислоҳотлари ва «Учинчи Ренессанс даври пойдеворини қуриш»га интилиши кимдадир ҳасад ёки ғазаб уйғотаётганини қайд этган.
«Бу каби ёндашув ортида Ўзбекистонга дўст бўлмаган узоқ-яқиндаги турли халқаро ташкилотлар ёки нуфузли шахслар турган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас», — дея қўшимча қилди агентлик.
Айтиш жоизки, аслида Анора номи ўзбек, тожик, қирғиз ва озарбайжонларга хос.
«Айнан ўзбекистонлик қиз деб фильм қаҳрамонининг белгиланиши ва унинг рус олигархининг ўғли билан ишқий муносабатлари реал ҳақиқатдан йироқ. Ҳатто тасаввурга ҳам сиғмайдиган бир ҳодиса экани кўпчиликка сезилган бўлиши керак. Бунда ғаразли ниятлар борлигига шубҳа йўқ. Биз бундай холис-нохолис ғаразгўй ҳодисаларга фақат истеҳзо билан кулиб жавоб беришимиз мумкин. Фильмда ўзбек қизи деган иборадан бўлак ўзбекка дахлдор бирор воқеа-ҳодиса ёки тафсилот йўқ. Шунга қарамай миллатимиз шаънининг тўкилишига йўл қўймаймиз. Муносабат билдирилиши албатта норозиликни қўзғатади ва халқимизнинг яна бир карра ён атрофига ҳушёрроқ нигоҳ билан қарашга, ўз халқи ва миллати шаънига, ғурурига бефарқ бўлмасликка даъват этади. Ўзбекистон аёл-қизлари Ватани, халқи, оиласи ва фарзандлари учун жонини фидо қилувчизотлардир. Турли ғаразли тушунчалар, ёндашувлар билан уларнинг пок номига доғ тушуриб бўлмайди», — дея хулоса қилди Кинематография агентлиги.
Эслатиб ўтамиз, фильм сюжети шундан иборатки, Ани исмини афзал кўрган Анора элита ҳисобланмаган Бруклин стриптиз клубида ишлайди, бир куни қувноқ рус майор Ваня ташриф буюришга қарор қилади. Ёшлар ўртасидаги тўқнашувдан сўнг уларнинг муносабатлари никоҳ нуқтасига етади, лекин қиз романтик иллюзиялар билан порламайди. Ваня у учун фақат биринчи классга чипта эди. Йигитнинг ота-онаси янги турмуш қурганларнинг тенгсиз никоҳи ҳақида билишлари биланоқ, уларнинг муносабатларидаги муаммолар бошланади. Улар Вйнинанинг «ҳамшираси» ролини ўйнайдиган арман Торосни янги турмуш қурганларни кузатиш учун юборишади.
IMDb сервисида фильм 7,5 балл рейтингини олди.