Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудига кириши билан боғлиқ муаммолар юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат йўллади.
«Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасининг колл-марказига Россия Федерациясига киришда ёки Москва шаҳридаги Шереметьево халқаро аэропорти орқали транзит орқали ўтишда қийинчиликларга дуч келган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан қўнғироқлар кўпайди», — дейилади дипломатик миссия хабарида.
Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон фуқаролари «тегишли аэропорт хизматлари томонидан қўшимча ва ҳаддан ташқари узоқ текширувларга» дучор бўлмоқда.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида элчихона Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат юборди. Шу билан бирга, элчихонанинг консуллик бўлими Шереметьево аэропортининг чегара назорати хизмати билан доимий алоқада.