Президент раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда 36 та университет ректорлари иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари бугунги мураккаб вазиятда барча давлатлар ички ресурсларга таяниб, инновацияга интилаётганини қайд этди.
Масалан, ўтган тўрт йилда 1 минг 727 та амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга 2,2 триллион сўм йўналтирилди. Шундан муҳандислик-техника йўналишидаги 176 та лойиҳага 152 миллиард сўм берилган.
Тадқиқот, тажриба-конструкторлик учун харажатлар 2 баробар ўсган. Бу маблағларнинг 41 фоизи давлат улуши бор корхоналарга, 34 фоизи хусусий секторга ва 25 фоизи олийгоҳларга тўғри келган.
Шу билан бирга, олийгоҳлар фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чеклангани, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалга ошмай қолиб кетаётгани қайд этилди.
Сабаби — олийгоҳ билан саноат ўртасида узилиш бор. Ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмаётгани, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмаётгани, ҳоким ва вазирлар эса ўртада кўприк бўлиб, буни ташкиллаштирмаётгани ҳақида қатъий эътироз билдирилди.
Президент бирорта техника олийгоҳида буларга ўқитиш йўлга қўйилмаганини афсус билан қайд этди.
Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур.