Жаҳон банки «Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили» ҳисоботини тайёрлади.
Жаҳон банки Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида мамлакатдаги гендер тенглиги билан боғлиқ вазиятни баҳолаш учун диагностика воситаси бўлиб хизмат қилувчи «Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили» ҳисоботини тайёрлади. Ҳисоботда аёллар ҳаётининг турли жабҳалари, жумладан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, иқтисодий фаолият, зўравонликдан ҳимояланиш, ижтимоий ҳаётда иштирок этиш каби масалалар қамраб олинган.
Ҳисоботда 2017 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати томонидан гендер тенглигига эришишда сезиларли муваффақиятлар қайд этилган. Асосий ютуқларга қуйидагилар киради:
Тенг иш ҳақи: тенг қийматдаги иш учун аёлларга эркаклар билан тенг ҳақ тўланишини кафолатловчи қоидалар қабул қилинди ва айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланиш бўйича чекловлар бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг янги Меҳнат кодексига халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган ушбу қоидалар киритилди.
Зўравонликдан ҳимоя: 2023 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига оиладаги зўравонлик, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш: Аёлларнинг олий таълим олиш имконияти сезиларли даражада яхшиланди. 2017-2022 йиллар учун эркаклар ўртасида олий таълим олиш имконияти 3 баробарга (29 фоизгача), аёллар ўртасида эса 4 баробарга (27,4 фоизгача) ошди. Тиббий хизматлардан фойдаланишни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар болалар ва оналар ўлимининг камайишига олиб келди.
Жаҳон банкининг ҳуқуқий соҳадаги гендер тенглигини баҳоловчи «Аёллар, бизнес ва қонун» ҳисоботида Ўзбекистон 2024 йилда дунёнинг 190 та давлати орасида гендер тенглигини таъминлашда энг катта ютуқларга эришган ислоҳотчи етакчи бешта давлат қаторига киритилган.
Эришилган ютуқларга қарамай, меҳнат бозорида гендер тенгсизлиги долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. 2021 йилда аёлларнинг иш кучидаги улуши эркакларникига нисбатан 28 фоиз пунктга кам бўлди, бу Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Ёш аёлларда ишсизлик даражаси 15,5%, эркакларда эса 10%. Жинслар бўйича иш ҳақи фарқи ҳам сезиларли бўлиб, аёллар эркакларникига қараганда 34 фоизга камроқ маош олади, бу глобал ўртача 20 фоиздан юқори.
Хотин-қизларнинг иш ҳақининг камайиши ва бандлиги иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва қашшоқликни кучайтирмоқда. Хотин-қизлар эркаклар билан бирдек иқтисодий фаолиятда қатнашса, Ўзбекистон миллий даромади 29 фоизга ошиши мумкин эди. Тенг иш ҳақини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни қашшоқликдан чиқаришга ёрдам беради.
Ҳисоботда гендер тенгсизлигини бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тавсия этилади, жумладан:
аёлларнинг иқтисодий фаоллигини чекловчи ижтимоий нормаларни йўқ қилиш.
STEM соҳаларида ва соғлиқни сақлаш хизматларида олий таълимга киришда тенгсизликларни камайтириш.
оилани режалаштириш имкониятлари ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш.
раҳбарлик лавозимларида аёлларнинг тенгсиз вакиллигини бартараф этиш.