21 июнь куни Сенат Марказий банкнинг киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Spot Олий Мажлис юқори палатасига таяниб ёзмоқда.
Ҳужжат кредит-молия секторида ахборот хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган. Бунга эришиш учун регулятор кибертаҳдидларни аниқлаш бўйича қўшимча ваколатларга эга бўлади.
Марказий банк нафақат кредит-тўлов муассасаларида, балки тўлов тизимлари, кредит бюролари ва валюта биржаларида ҳам хавфсизликка таҳдидларни излаш ва аниқлаш имкониятига эга бўлади. Қонун шунингдек, мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш бўйича регуляторнинг имкониятларини белгилайди.
Агар банк ахборот тизимларида киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилиши аниқланса, бу қўпол қоидабузарлик ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, лицензиянинг тугатилишига олиб келиши мумкин, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йил декабрида Марказий банкка шубҳали операциялар содир бўлган тақдирда банк карталари ва ҳисоб рақамларини блоклашни талаб қилиш ҳуқуқини берганди. Шунингдек, у молиявий ташкилотларга фирибгарликка қарши тизимларни жорий этиш ва жисмоний шахслар ўртасидаги йирик пул ўтказмалари устидан назоратни кучайтириш бўйича кўрсатма берган.
Шунингдек, аввалроқ Марказий банк раиси ўринбосари Содир Мелибоев регуляторнинг катта маълумотлар билан ишлашга ўтиши ва сунъий интеллектни жорий этиш борасидаги ишлар ҳақида гапирганди.