Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров унинг 27 ёшли жияни Ҳамзат Қодиров республика Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланганини маълум қилди.
Ҳамзат Қодиров Чеченистон раҳбарининг ёрдамчиси лавозимида ҳам ишлайди.
Илгари Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини республика раҳбарининг амакиваччаси Турпал-Али Ибрагимов эгаллаб келган, энди у Шалинский туманини бошқаради.
«Уларнинг иккаласи [Иброҳимов ва Қодиров] раҳбарлик лавозимларида катта тажрибага эга ва ўзларига юкланган масъулиятни уддалай олади», — деди Чеченистон раҳбари.
10 май куни Чеченистон Давлат Думаси депутати Адам Делимхонов Рамзан Қодиров жиянига «Жасорат» орденини топширгани ҳақида хабар берди. Орден билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни Россия президенти Владимир Путин имзолаган.
Делимхонов ўз постида Ҳамзат Қодиров «махсус ҳарбий операция бошиданоқ чечен жангчиларини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этганини» таъкидлади.
2023 йилда Ҳамзат Қодиров II даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирланган, шунингдек, Чеченистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. Бундан бироз олдин у Чеченистон мулк ва ер муносабатлари вазири лавозимига тайинланган.
2020 йил февраль ойида ўша пайтда 23 ёшда бўлган Ҳамзат Қодиров Чеченистон спорт вазирлигини бошқарган эди. Республика раҳбари жиянининг юқори лавозимга тайинланишини Ахмат Қодировнинг набираси эканлиги билан изоҳлади.