Қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов Киевдаги суиқасддан сўнг вафот этди

Дунё

Қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов Киевдаги суиқасддан 13 кун ўтиб реанимацияда вафот этди. У рафиқаси билан мухолифатнинг «Басе» лойиҳасини бошқарган ва Қозоғистон ҳукуматини танқид қилган. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев суиқасд бўйича терговни диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

Фото: Открытые источники

Қозоғистонлик журналист Айдос Содиқов Киевдаги суиқасддан 13 кун ўтиб реанимацияда вафот этди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталя Содиқова Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.

«Айдос Содиқов бугун Киев вақти билан соат 3:00 да бизни тарк этди. Менинг суюкли турмуш ўртоғим, уч фарзандимизнинг отаси, қозоқ халқининг буюк фарзанди. Айдос Қозоғистон учун жон берди, қотиллар қўлида шаҳид бўлди. Ўн уч кун давомида Айдос реанимацияда ҳаёт учун курашди, аммо ҳеч қандай мўъжиза содир бўлмади», — деб ёзади Содиқова.

21 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Содиқовга суиқасд бўйича терговни диққат билан кузатиб бораётганини айтди. У ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига журналистга ҳужум қилишда гумонланувчиларни топишни топширди.

Содиқов 2014 йилдан бери Киевда яшайди, у расмий қочқин мақомини олган. Эр-хотин мухолифатнинг «Басе» лойиҳасини бошқарган ва Қозоғистон ҳукуматини танқид қилган. Қозоғистонда Содиқов нафрат уйғотгани учун қидирувга берилганди.

Мавзуга оид материаллар