Пойтахтдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида «Париж-2024» XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистон спорт делегациясини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Нарбоева, вазирлик, Миллий олимпия қўмитаси вакиллари, федерациялар раҳбарлари, спортчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Абдулла Арипов сўзга чиқиб, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига давлатимиз томонидан бериладиган пул мукофотлари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Олимпиада чемпионлари 200 минг доллар, кумуш медаль совриндорлари 100 минг доллар, бронза медали совриндорлари эса 50 минг доллар олади.
Маълумот учун, Токиода ўтган сўнгги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Олимпиадасидан сўнг ўзбекистонлик спортчилар олтин медаль учун 200 минг доллар, кумуш учун 100 минг, бронза учун 50 минг доллар олганди. Бундан ташқари, чемпионларга уйлар ва Tahoe автомобиллари, бронза медалларини қўлга киритган спортчиларга эса 50 минг доллар, квартира ва Trailblazer автомобили совға қилинган.