Расмийларнинг ваъдаларига қарамай, метрополитеннинг ёпиқ вестибюллари ҳали ҳам ишга туширилмаяпти

O‘zbekiston

Тошкент метрополитенининг бешта ерости бекатида фақат битта кириш ва чиқиш йўлаги бор, чунки уларнинг қарама-қарши қисми фойдаланишга топширилгандан бери тўсиб қўйилган. 2023 йилда расмийлар бу вестибюллар 2024 йилнинг майигача очилишига ваъда беришганди, аммо июль келди ва улар ҳали ҳам очилмади. «Тошкент метрополитени» АЖ вазиятга изоҳ берди.

Фото: Очиқ манбалар

Тошкент метрополитенининг «Милий боғ», «Ғафур Ғулом», «Ўзбекистон», «Юнус Ражабий» ва «Машинасозлар» бекатларининг иккинчи кириш-чиқиш йўллари ҳали ҳам тўсиб қўйилган, деб ёзади Kun.uz.

Тошкент метрополитени қошида очилган «Тошметротранс» МЧЖ лойиҳа институти томонидан барча ёпиқ вестибюлларни ишга тушириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасига топширилган. Ҳозирга келиб, лойиҳалар бўйича тегишли хулосалар олинган бўлиб, қурилишни амалга оширувчи ташкилот аниқланиши учун бу лойиҳа тендерга жойлаштирилгани маълум қилинди.

Шундан сўнг масъуллар барча ёпиқ қабулхоналар 2024 йилнинг майигача, эксперт хулосасидан сўнг, босқичма-босқич реконструкция қилиниб очилишига ваъда беришди. Бироқ шу кунгача қабулхоналарнинг бирортаси ҳам очилмаган.

«Тошкент метрополитени» акциядорлик жамияти вазиятга изоҳ берди.

«Бу жараён босқичма-босқич шаклда амалга ошишини инобатга олган ҳолда, қурилиш ишлари яқин бир ой муддатда бошланади. Қурилишнинг тугаш муддати хусусида эса қурилиш жараёнларининг техник ҳолатига кўра қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, «Халқлар дўстлиги» бекатидаги мавжуд эскалаторни янгисига алмаштириш мақсадида ёпилган иккинчи вестибюлда ишлар амалга оширилаётгани, унинг фаолияти бир ой муддатда қайта йўлга қўйилиши айтилди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.