Афғонистон Толибон ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан Кобулга нисбатан қўйилган молиявий ва савдо санкциялари тезроқ бекор қилинишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Доҳада БМТ томонидан ташкил этилган Афғонистон бўйича конференцияда афғон делегацияси раҳбари, «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
«Афғонлар дунё билан ижобий ўзаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган тизим яратдилар, аммо бунга жавобан улар санкциялар ва чекловларга дуч келишди», — дея Мужоҳиднинг Қатар пойтахтида бўлиб ўтган анжуманда сўзларидан иқтибос келтиради The News International газетаси.
Унинг сўзларига кўра, «сиёсий келишмовчиликлар кучли давлатлар ўз таъсиридан фойдаланиб, халқимизга хавфсизлик, сиёсат ва иқтисод масалаларида босим ўтказишга киришадиган даражага етмаслиги керак». «Кобулда бошқа давлатлар билан ижобий ҳамкорлик қилиш ва муносабатларни яхшилаш истаги ва хоҳиши бор», — деди Мужоҳид.
News International нашрининг ёзишича, Толибон вакили ўз нутқида Толибоннинг аёллар ҳуқуқларини чеклаши ва қизларнинг таълимини тақиқлаши натижасида Афғонистондаги «гендер апартеид» муаммосини тилга олишдан қочишга ҳаракат қилган.