Юнусобод туманида қувур узилиши туфайли бир қанча кўча ва ҳовлиларни сув босди, деб хабар беради «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Юнусобод тумани Мойқўрғон ва Қорақамиш кўчалари кесишмасида диаметри 1200 мм бўлган катта сув қувурида авариявий ҳолат содир бўлган.
Шу муносабат билан «Тикланиш» (1,2,3,4,5,6-ўтиш жойлари), «Ғиштқўрғон», «Астрабад», «Туркистон», «Собиробод» маҳаллаларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилди. Зенит заводида, Прокуратура академиясида ва пиво заводида сув бўлмайди.
Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда ҳам сув бўлмайди.
Айни пайтда фавқулодда вазиятлар бригадалари носозликни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» мазкур кўчалар бўйлаб ҳаракатланувчи 6, 24 ва 142-сонли автобуслар қатнови жадвалида вақтинчалик бузилишлар бўлишидан огоҳлантирди.