Бугун, 4 июль куни Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) иштирокчилари билан саммит бўлиб ўтди, унда Беларус ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо бўлиши ҳақидаги ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев маълум қилди, деб ёзади Тенгринеwс.
«Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун барча зарур тартиб-қоидаларни тугатди», — деди Қосим Жўмарт Тўқаев ва Беларус президенти Александр Лукашенкони табриклади.
Александр Лукашенко шундай деди: «Муваффақиятли раислигингиз учун раҳмат, шу кун Беларус тарихига мамлакатимиз ШҲТга аъзо бўлган кун сифатида киради».
«Биз XXI асрда глобал хавфсизликнинг чинакам ва ажралмас тизимини барпо этиш зарурлигига чуқур аминмиз. Бундай ҳолда, глобал кўпчиликни ифодаловчи давлатлар ташаббус кўрсатиши керак. Ўзига бино қўйган ва худбин Ғарб бунга қодир эмас. Бугун у ерда мустақил равишда масъулиятли қарорлар қабул қилишга тайёр бўлган раҳбарлар йўқ», — дея таъкидлади Александр Лукашенко.
Беларусь ўз ташаббусларини бугунги кунда энг долзарб бўлган ушбу соҳадаги ҳамкорлар учун мослаштиришни режалаштирмоқда. Илгари Беларус ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган бўлса, энди у ташкилотнинг ўнинчи тўлақонли аъзосига айланди. ШҲТга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Эрон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам киради. Яна икки давлат — Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи мақомига эга. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз олдига ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва таҳдидларга қарши курашишни мақсад қилиб қўйган.