Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинни Ўзбекистонга таклиф қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашувида маълум қилинди. Мирзиёев ва Си Сзинпин товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етганини, яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имконияти мавжудлигини қайд этди.
Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён мамлакатда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди.
Тошкент ва Пекин, шунингдек, инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва яшил энергия соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олди.
Келгуси йилда икки давлат минтақаларнинг иккинчи форумини ўтказишни режалаштирмоқда.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва «уч ёвуз куч»га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.