Умумий овқатланиш корхонаси маъмурияти қўмита туман бўлими мутахассисларининг бир неча бор огоҳлантиришларига эътибор бермаган. Санитария ҳолати назорат текширувидан ўтказилгандан сўнг,инспекторлар маҳсулотлар билан ишлашга тўғри келмайдиган бир қатор қўпол қоидабузарликларни аниқлади.
Муассаса канализация тизими ва қўл ювиш воситаларига эга эмас эди. Бундан ташқари, самса тайёрлаш учун махсус жиҳозлар ўрнатилмаган. Ошхонадаги музлатгичлар ўз вақтида тозаланмагани, фойдаланилган идишлар ювилмай қолгани учун улардан ёмон ҳид келиб қолган. Бу ҳолат санитария-эпидемиология қоидаларига мос келмайди.
Бундан ташқари, ходимларнинг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтмагани, ҳаттоки махсус таълим асослари ҳам йўқлиги аниқланди.
Тадбиркор — новвойхона эгасига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрилди ва новвойхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.