Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузурида Рақамли суд экспертизаси илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилгани халқаро миқёсда кенг эътироф ва қизиқиш уйғотди. Турли мамлакатлардан келган мутахассислар ушбу ташаббусни юқори баҳолади.
Стрельцов Иван Александрович, Россия Тергов қўмитасининг криминалистика бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари:
— Рақамли суд экспертизаси илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилгани Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги салмоқли ютуқдир. Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ва улардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш шароитида ушбу институт кибержиноятчиликка қарши курашишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Сизнинг тадқиқот ва ишланмаларингиз рақамли суд экспертизаси нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам ривожланишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Юрий Каменецкий, Беларус Республикаси Тергов қўмитасининг малака ошириш институти раҳбари:
— Ўзбекистон Республикаси томонидан рақамли суд экспертизаси ривожига қаратилаётган стратегик эътибор юксак таҳсинга лойиқ. Бу йўналишда ихтисослаштирилган институтнинг ташкил этилиши рақамли даврда миллий хавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашувни намойиш этади. Ишончим комилки, институтда олиб борилаётган илмий изланишлар ва амалий ишланмалар иқтисодиёт, ишлаб чиқариш ва жамият ҳаётининг бошқа муҳим соҳаларини кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишда ишончли асос бўлиб хизмат қилади.
Муҳитдин Уздемир, Туркия Адлия академияси президенти:
— Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши замон талабларига ўз вақтида берилган жавобдир. Глобал рақамлаштириш ва кибержиноятларнинг кучайиши шароитида кенг кўламли ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Туркия Адлия академияси рақамли суд экспертизаси бўйича илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш соҳасида фаол ҳамкорликка тайёрлигини билдиради.
Сами Райҳанен, ЕХҲТ стратегик полиция бўлими раҳбари:
— Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистонда Рақамли суд экспертизаси тадқиқот институти ташкил этилишини олқишлайди. Ушбу ташаббус ЕХҲТнинг трансмиллий кибержиноятчиликка қарши курашдаги устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Биз ушбу институтни Марказий Осиёда рақамли хавфсизлик масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун салоҳиятли платформа сифатида қараймиз ва кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрмиз.
Ўзбекистон инновацион технологиялар, шаффофлик ва самарадорлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг асоси бўлган кибержиноятлардан холи жамият қуриш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Рақамли суд экспертизаси институтининг ташкил этилиши ушбу қадриятларни тўлиқ ўзида мужассам этган ва рақамли жиноятларга қарши курашда бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.