Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 июль кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатга ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбари матбуот хизмати ушбу ташриф тафсилотларини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этади. Саммитнинг мавзуси «Транспорт алоқаси ва иқлим ўзгаришига қарши кураш орқали барқарор келажакни қуриш».
Саммит давомида делегациялар раҳбарлари савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестисия, молия, яшил иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергия манбалари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш каби турли соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Тадбир якунлари бўйича қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.