Ижтимоий тармоқларда электр ҳисоблагичлари истеъмолни ошириб кўрсатаётгани ёки ижтимоий меъёр доирасида истеъмолни нотўғри ҳисобга олганлиги ҳақида истеъмолчиларнинг шикоятлари тарқалмоқда. Facebookʼдаги «Потребитель.уз» гуруҳида фойдаланувчилар шу каби шикоятлар билан кўплаб хабарлар қолдирган.
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан мазкур ҳолатларни жойида ўрганиш ва муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида тезкор ишчи гуруҳи тузилди.
Гуруҳ таркибига «Ўзэнергоинспекция», Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» корхонаси вакиллари ҳам киритилган.
«Ушбу ҳолатлар юзасидан ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда», — дейилади қўмита хабарида.
Бундай муаммоларга дуч келган истеъмолчилардан қўмитанинг ягона ишонч телефони (1159) ёки @rquzBot Telegram боти орқали боғланишлари сўралади.