Бугун Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Б.Исломов, Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраев, Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий прокуратура вакиллари, судья ва адвокатлар, суд фахрийлари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнларида судьялар ва суд ходимларининг мавқеини ошириш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, давлат раҳбари томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларга келувчи фуқаролар ва суд жараёнининг барча иштирокчилари учун замонавий, ҳар томонлама қулай шароитлар яратишга қаратилаётган эътибор самарасида судларнинг моддий-техник базаси яхшиланди.
2021-2025 йилларда марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан суд бинолари ва биноларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури асосида 2025 йилгача 32 та янги бино қуриш, 107 та бинони реконструкция қилиш режалаштирилган.
Кейинги йилларда мазкур дастур асосида 46 та янги суд биноси қурилди, 23 та суд жойлашган 17 та мавжуд маъмурий бинода реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 101 суд замонавий бинолар билан таъминланди.
Барча қулайликларга эга замонавий ҳарбий суд биноси ҳам президент бошчилигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг бир қисми сифатида эътироф этилиб, бино энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланди.
Сўнгра тантанали очилиш маросимининг рамзий ленталари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан танишди.