Туркия туркий тилли давлатларни умумий алифбо қабул қилишга чақирди

Ўзбекистон

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан туркий тилли давлатларни ягона алифбо жорий этишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон лотин алифбосига ўтган, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳали ҳам кирилл алифбосидан фойдаланмоқда.

Фото: Anadolu Agency

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) саммитида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун туркий тилли давлатларни ягона алифбо жорий этишга чақирди. Бу ҳақда Hürriyet нашри хабар берди.

«Глобал рақобатни географиямизга кириб келишининг олдини олиш учун биз бир сафда бирлашишимиз ва умумий фаровонлик учун имкониятларимизни ишга солишимиз керак», — деди у.

Унинг қайд этишича, Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон лотин алифбосига ўтган бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳали ҳам кирилл алифбосидан фойдаланмоқда.

«Биз алифбо масаласида имкон қадар тезроқ бирликка эришишимиз керак», — деди Фидан.

Бундан ташқари, Фидан Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) кун тартибига Болқон, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва дунёнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилувчи ватандошларни ҳимоя қилиш масаласини киритишни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича муҳокама ва баҳсларни тўхтатиш ва унга зарур ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид материаллар