Қурилишдаги қонунбузарликлар юзасидан Бош прокуратура томонидан 200 га яқин жиноий иш қўзғатилган

O‘zbekiston

Йил бошидан буён қарийб 11,6 минг объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари сифати ва ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан мониторинг ишлари олиб борилиб, тизимли назорат ўрнатилди. Қўпол қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 179 та жиноий иш қўзғатилган.

Фото: Шухрат Латипов

Йил бошидан буён 25,5 миллиард сўмлик ишларнинг сифатсиз бажарилгани бўйича 338 та ҳолат аниқланган. 44,4 млрд сўмлик 138 та ҳолатда ишлар амалда бажарилмаган. Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига асоссиз равишда киритилган 2,4 триллион сўмга яқин маблағ тасдиқланди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура масъул ходими Мансур Рўзимов иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, йил бошидан буён қарийб 11,6 минг объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари сифати ва ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан мониторинг ишлари олиб борилиб, тизимли назорат ўрнатилди. Бош прокуратура ҳузуридаги ишчи гуруҳи томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларида ўрганишлар ўтказилди.

Жойларда олиб борилган назорат тадбирлари давомида ноқонуний ҳужжатларни бекор қилиш юзасидан 79 та протест келтирилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 360 та тақдимнома киритилган. 1104 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қайд этилишича, қонуннинг қўпол бузилиши бўйича 179 та жиноий иш қўзғатилган. 90,1 миллиард сўм зарар қопланди, 9 минг 823 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Mavzuga oid materiallar