Ўзбекистонда хусусий олий ўқув юртларига лицензиялар бериш тўхтатилди, деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғратбай Шарипов.
Шарипов Ўзбекистонда етарлича хусусий олий ўқув юртлари мавжудлигини, уларда таълим сифати устидан назорат кучайтирилаётганини таъкидлади.
«Энди хусусий олий ўқув юртларига лицензиялар бериш тўхтатилди. Мавжуд университетлар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг таълим сифатини текширмоқдамиз. Университетлар сиғими кам бўлса ёки ҳажми ўсиб улғайган ҳолларда огоҳлантириш берилади. Университетлар маълум муддатда камчиликларни бартараф этса, фаолияти давом этади. Огоҳлантиришга эътибор бермаганлар судга тортилади. Агар университет суд орқали оқланса, лицензияси сақланиб қолади, акс ҳолда у бекор қилинади”, — деди вазир You Tube'даги “Лолазор” подкастида.
Шунингдек, у мамлакатда ҳам хусусий, ҳам давлат университетларининг бўлиши муҳимлигини таъкидлаб, нодавлат университетлари «мувозанатни сақлаб» талабаларнинг чет элга кетишининг олдини олишга ёрдам беришини таъкидлади.