Шавкат Мирзиёев ҳозирда “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонаси фаолият юритаётган собиқ Қўқон суперфосфат заводига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати. Корхона йирик кимё кластерига айланиши, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ўрнак бўлиши зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан комбинат ишчи-хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий уй-жойлар, мактаб ва шифохоналар қуриш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Корхона босқичма-босқич ривожланиб бормоқда, кейинги босқичлари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда, деди президент. Иккинчи босқич доирасида 50 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Швейцария, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Италиядан замонавий технологик ускуналар ўрнатилди. Бу босқичда йилига 24 миллион долларлик калий сульфат, сульфат кислота ва аммоний хлоридли ўғитлар ишлаб чиқарилади. 120 та янги иш ўрни яратилади.
Учинчи босқич 2025-2028 йилларга мўлжалланган. Моно- ва дикалсий фосфатлар, калий нитрат, азот-фосфор-калий (НПК) комплекс минерал ўғитлар, калсий хлорид, моноаммоний фосфат, калий монофосфат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этади. 235 та иш ўрни яратилади.
Президент Ўзбекистонда кимё саноати жадал ривожланаётгани, сўнгги беш йилда бу борадаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробар ошиб, 45 триллион сўмга етганини таъкидлади. Янги қувватлар ҳисобига минерал ўғитлар ишлаб чиқариш 17 фоизга ошиб, йилига 1,4 миллион тоннадан ошди. Бунда самарали инвестиция лойиҳалари катта ўрин тутади.
Қайд этилишича, 2019 йилда молиявий соғломлаштириш ва диверсификация қилиш мақсадида Қўқондаги собиқ суперфосфат заводи Сингапурнинг «Indorama Holdings BV» компаниясига сотилган. Унинг негизида «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» корхонаси ташкил этилиб, 70 миллион долларлик хорижий сармоя жалб этилди. Шунингдек, Испания, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Россиянинг етакчи компанияларининг замонавий ускуналари ўрнатилди. Қўшимча 150 та иш ўрни яратилди.
Модернизация ишларининг биринчи босқичи доирасида 2021 йилда аммиакланган суперфосфат, тезкор комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калий (НПК) минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Заводнинг қуввати йилига 75 минг тоннадан 450 минг тоннага оширилди.
Хом ашё маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилаётгани маҳсулот таннархининг кам бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан:
фосфат жинси Қизилқумдан келтирилади;
сулфат кислота - Олмалиқдан;
аммоний сулфат - Чирчиқдан;
аммиак - Фарғонаазот ва Навоийазотдан.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, модернизация ишлари натижасида электр энергияси ва табиий газ таннархини 35-40 фоизга камайтиришга эришилди. Бундан ташқари, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида асосий ишлаб чиқариш бўлимларида аввалги икки босқичли эмас, тўрт босқичли тозалаш тизими жорий этилди.
Корхона йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга. Бугунги кунда минерал ўғитлар МДҲ, Европа, Африка ва Осиёнинг 16 давлатига экспорт қилинмоқда.