Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига 100 ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш орқали тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилаш кўзда тутилмоқда.
Кодекс лойиҳаси билан тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонлилик презумпцияси, коррупциядан холилик каби асосий принциплари мустаҳкамланмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда.
39 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланиб, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши таклиф этилмоқда.
Халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари, уларни қўллаб-қувватлаш механизми белгиланмоқда.
Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши билан мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.