Korzinka («Англеси Фуд» МЧЖ) Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун жарима ундириш тўғрисидаги қарорни олмаган, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
17 июль, чоршанба куни Korzinka қўмитага қўшимча маълумот берди ва барча саволларга жавоб қайтарди, дейилади чакана сотувчининг баёнотида. Йиғилиш якунлари бўйича мазкур иш бўйича махсус комиссия қарори беш кун ичида эълон қилиниши маълум қилинганди.
Ўз баёнотида компания ҳаракатлари қонунга мос келишига ҳали ҳам ишонишини маълум қилди. Компания, шунингдек, қўмита баёнотига рози эмаслигини билдирди, чунки масъуллар қарор матни ва кўрсатмалар билан танишиш имконига эга бўлмаган.
«Биз, аввалгидек, қонунчиликка зид ҳаракат амалга оширмаганимиз, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, қарор матни ва кўрсатмалар билан танишиш имконимиз йўқ бўлган ҳозирги ҳолатда, қўмитанинг ушбу баёнотини ҳам асоссиз деб ҳисоблаймиз», — дейилади компания баёнотида.
Компания асосий товарларга энг паст нархларни тақдим этиш мажбуриятини олганини таъкидлаганди. Бунинг учун нархларни мониторинг қилишда Корзинка бошқа чакана савдо нуқталарида нархларни мунтазам ўрганиб боради, дея билдирган компания.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Англеси Фуд» МЧЖга (Корзинка тармоғи) «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун иш очилганди. Таъкидланишича, компания «Энг арзон нарх» акциясини йўлга қўйиб, истеъмолчиларни чалғитиб, реклама қоидаларини бузган. Аниқлик киритилишича, «энг арзон» товарлар нархлари бозордаги нархлардан фарқ қилмайди. Натижада 17 июль куни Рақобат қўмитаси матбуот хизмати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама қонунчилиги бузилишига оид ишларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорни эълон қилди. Комиссия «Англеси Фуд»ни айбдор деб топган.