29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасида Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан аҳолини суғурта қилиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Инсон ҳаёти ва фаолияти давомида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида (ўзи ёки фарзанди касал бўлганида, қисқа даволанишда, туғруқ даврида) ёки ишсиз қолганида ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ижтимоий қўллаб-қувватланади.
«Декрет» пули ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақалари иш берувчилар учун ортиқча молиявий юклама бўлгани сабабли, уларни хусусий секторда тўламаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Ўрганишлар натижасида айрим корхоналар бу тўловларни умуман тўламаслиги аниқланган. Хусусан, 25 та корхонадан 15 таси ёки 60 фоизи «декрет» пули ёки касаллик нафақасини тўламаган бўлса, 12 та корхона ҳеч қандай нафақа пулини тўламаган.
Лойиҳада таклиф этилаётган нормалар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.