Фарғона вилоятининг Данғара туманида 26 ёшли Cobalt ҳайдовчиси йўл четида кетаётган беш нафар пиёдани уриб юборгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди. ЙТҲдан кейин ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳодиса оқибатида 4 нафар пиёда ҳалок бўлди, бешинчи пиёданинг тақдири номаълум.
Суд-тиббий экспертизаси ҳайдовчининг ЙТҲ вақтида маст ҳолатда бўлганини, бундан ташқари, у кучли таъсир этувчи «Тропикамид» препаратини истеъмол қилганини аниқлади.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди. Ҳайдовчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд уни 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.