2024-2025 ўқув йилида мактабларда ўқувчилар учун мажбурий форма жорий этилмайди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълум қилди.
Ҳар бир мактабнинг ўзи ўқувчилари учун низомга мувофиқ форма танлашини тушунтирди. Шу пайтгача барча мактаб ўқувчилари бир хил формада бўлиши шарти мавжуд бўлмаган, шу боис бу йилдан у жорий этилмайди.
Умумий таълим муассасаси учун тасдиқланган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари”га мувофиқ ўқувчилар мактабга таълим муассасаси уставида тақиқланган кийим ва ташқи кўринишда келмаслиги керак. Масалан, ўғил болалар шортик, футболка ва шиппакда, қизлар эса юпқа ва очиқ кийимда келмаслиги керак. Шунингдек, бўйин ва бармоқларга турли хил тақинчоқларни тақиш тақиқланади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар шуни кўрсатдики, ягона мактаб формаси мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги кийим-кечак борасида носоғлом рақобатни чеклайди. Бу, шунингдек, турли ижтимоий-иқтисодий тоифадаги оилалар фарзандлари ўртасидаги кўриш тафовутини кескин камайтиради.
2018 йилда ҳукумат ягона мактаб формасини тасдиқлаганди. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар уни ихтиёрий равишда кийишлари мумкин эди. Бироқ мактаб формасини мажбурий жорий этиш санаси 2019-2020 ўқув йилидан 2024-2025 ўқув йилига — 5 йилга кўчирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Унда 2025 йилгача ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган.