Тошкент шаҳри аҳолисидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ҳолатлари ҳақида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги ёки Ички ишлар бош бошқармасига хабар бериш сўралган. Бу ҳақда пойтахт маъмуриятида маълум қилинди.
Шикоятни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг eco.gov.uz сайти орқали юбориш мумкин.
Шунингдек, аҳоли қонунбузарликлар ҳақида Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 71 277-75-43 ва 71 277-75-43 телефон рақамлари орқали хабар бериши мумкин. Бундан ташқари, 71 233-72-33 ва 71 233-71-47 телефон рақамлари орқали Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.
Ҳокимликнинг эслатишича, ҳовлилар ва уйлар оралиғидаги дарахтларни кесиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан, ташкилотлар ҳудудида — ер эгалари томонидан, йўллар бўйлаб — Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Дарёлар ва ариқлар бўйлаб дарахтларга сув хўжалиги органлари, шаҳарнинг марказий кўчаларида эса маҳаллий ҳокимият органлари томонидан парвариш қилинади. Барча ишлар Экология вазирлигининг хулосаси билан амалга оширилади.