Сув тошқинлари оқибатида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ноаниқ бўлиб қолган ва эндиликда уни қайта аниқлаш керак. Бу ҳақда Афғонистон энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдуллатиф Мансур маълум қилди.
Афғонистон ва қўшни давлатлар Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегаралар сув тошқини туфайли ноаниқ бўлиб қолган ва энди уларни қайта аниқлаш керак, деди Мансур. Унинг қайд этишича, чегараларни аниқлаш бўйича ишлар янги стратегия бўйича амалга оширилади.
Мансурнинг айтишича, чегараларни аниқлаш режаси афғон раҳбари топшириғи билан тузилган ва турли идоралар, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Разведка бош бошқармаси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
«Қўшни давлатлар билан чегараларимизни сув тошқинлари ювиб кетди. Муҳими, биз ўтмиш чегараларини аниқлаш устида ишлаяпмиз. Йигирма кун олдин биз Афғонистон раҳбари билан бу масалани муҳокама қилган эдик», — деди у.
Вазир чегараларни тиклаш бўйича янги стратегия қандай бўлишига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, у Афғонистон сув ресурсларини бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришга муҳтож эканини таъкидлади. Мансурнинг айтишича, мамлакат бу борада йирик тўғонларни қуриш, сув, шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш орқали ўзини ўзи таъминлашга эришишни мақсад қилган.
Афғон расмийси, шунингдек, сувдан фойдаланиш қўшни давлатларга зарар келтирмаслигини таъкидлади.
«Бизнинг ҳеч бир ҳаракатимиз қўшниларимизга зарар етказиш ниятида эмас. Биз қўшниларимизга зарар етказиш учун ўз улушимиздан ортиқ сув ишлатмадик ва бундай қилиш ниятимиз ҳам йўқ», — деди Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги катта маслаҳатчиси Фарук Аъзам.