Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев депутатлик мандатидан воз кечиш ва навбатдаги парламент сайловларида иштирок этмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Шунга қарамай, Дониёр Ғаниев Вазирлар Маҳкамасидаги фаолиятини давом эттиради ва у инвестиция соҳасига масъул бўлади.
«Балки менга овоз берган сайловчиларнинг ишончини ҳар доим ҳам оқлай олмагандурман. Бироқ виждонимга қарши бормасликка, принципларимга содиқ қолишга қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Инсонлар оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи ижобий нормаларни қўллаб-қувватлашдан, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларига зид деб билган қонунларга эса қарши туришдан иккиланмадим», — деб таъкидлади депутат.